Бугун вилоят ҳудудий сайлов комиссиясида навбатдаги матбуот анжумани ўтказилди.
Унда республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг вакиллари, даврий нашрлар муҳаррирлари, журналистлар ва блогерлар иштирок этди.
Наманган вилоятида сайловларни юқори савияда ўтказиш учун амалга оширилаётган тайёргарлик ишларига бағишланган навбатдаги матбуот анжуманида дастлаб вилоят ҳудудий сайлов комиссияси раиси Собитхон Турғуновнинг жорий йил 27 октябрда мамлакатимизда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлар сайловига вилоятда кўрилаётган тайёргарлик мавзусидаги маърузаси тингланди.
Таъкидлаш ўринлики, айни пайтда республикамизда сайловларни юқори савияда ўтказиш учун тайёргарлик ишлари жиддий тус олган. Наманган вилоятида ҳам Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланган календарь-режага асосан чора-тадбирлар изчиллик билан амалга оширилмоқда.
Бу жараёнда сайлов комиссияси фаолиятининг тўлиқ рақамлаштирилиши – «E-Saylov» ахборот тизимининг жорий этилгани катта аҳамият касб этади. Чунки бу тизим сайлов жараёнларини самарали ва шаффоф ўтишини таъминлаш билан бирга сайлов комиссиялари, сиёсий партиялар, номзодлар, кузатувчилар ва ОАВ ўртасидаги ўзаро алоқалар янада аниқ бўлишига хизмат қилмоқда.
ҲСК раиси иштирокчиларга вилоят ҳудуди бўйича тузилган Халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгашига сайлов ўтказувчи 55 та сайлов округлари ва 837 та сайлов участкалари, округ ва участка сайлов комиссиялари аъзоларининг шахсий ва сифат таркиби ҳақида ҳам батафсил маълумот берди.
Тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар. Кекса, ногиронлиги бўлган шахсларнинг овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланишлари учун сайлов участкаларида яратилаётган шароитлар, партиялар ва номзодлар иштирок этган тадбирларнинг ОАВда ёритилиши, журналистларнинг сайлов жараёнларини ёритиш учун аккредитациядан ўтишлари билан боғлиқ саволларга аниқ ва батафсил жавоб қайтарилди.
Матбуот анжуманида халқаро кузатувчилар Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) кузатувчилари Кати Хётгер ҳамда Мартин Брукс ҳам қатнашди.
Наманган вилоят ҳудудий сайлов комиссияси
Матбуот маркази