Марказий сайлов комиссияси аъзоси Наманган вилоятида сайлов комиссиялари раислари, ўринбосарлари ва котибларининг малакасини ошириш жараёнлари билан танишди

24.08.2024

623

msk_yangiliklari_in

Бугун Марказий сайлов комиссияси аъзоси Баҳодир Юнусов Наманган вилоятида бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатларининг сайловларини ўтказувчи шаҳар ва туман сайлов комиссиялари раислари, ўринбосарлари ва котибларининг малакасини ошириш бўйича ташкил этилган ўқув жараёнлари билан яқиндан танишди.

 

Баҳодир Юнусов Наманган давлат университетида 23-24 август кунлари ўтказилаётган ўқув-машғулотларида иштирок этди. У тингловчилар билан бўлган мулоқот чоғида сайловни юқори савияда ташкил этиш, бу галги сайлов тизимига киритилган ўзгаришлар ва ушбу муҳим сиёсий жараённи умумэътироф этилган халқаро тамойиллар, илғор миллий ва хорижий тажриба асосида ўтказишда мазкур ўқувларнинг аҳамиятига алоҳида тўхталди. 

 

Шунингдек, участка комиссиялари фаолиятида хато ва камчиликларга йўл қўймаслик, бунинг учун ўқув материалларини пухта ўзлаштириш, сайлов қонунчилигидаги ўзгаришлар моҳиятини англаб етиш ва мавжуд талабларни тўлақонли бажариш лозимлиги хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. 

 

Маълумки, икки кунлик ўқув машғулотлари давомида 42 нафар шаҳар ва туман сайлов комиссиялари раислари, ўринбосарлари ва котиблари иштирокидаги ўқув машғулотлари икки гуруҳда 6 нафар республика тренерлари томонидан олиб борилмоқда.

 

 

Ўз навбатида, МСК аъзоси Наманган вилоят ҳудудий сайлов комиссияси биносида ҳам бўлди. Бу ерда яратилган шарт-шароитлар билан танишиб, вилоят ҳудудий сайлов комиссияси аъзолари билан суҳбатлашди.

 

Ташриф давомида Б. Юнусов Чортоқ туманидаги сайловга тайёргарлик ишларини ҳам кўздан кечирди. Сайлов участкалари бинолари, участка сайлов комиссиялари аъзолари учун яратилган шароитлар билан танишиб, бу борада ўзининг қимматли фикр ва таклифларини баён этди.

 

 

 

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур