Наманган вилояти ҳудудий сайлов комиссиясига халқаро кузатувчилар ташриф буюрди

03.10.2024

212

msk_yangiliklari_in

Сайлов жараёнларининг ошкора ва ҳаққоний тарзда ўтишини таъминлашда кузатувчиларнинг иштироки жуда муҳим. Улар сайлов кампанияси бошланганидан то якуний натижалар эълон қилингунга қадар иштирок этадилар. Уларнинг иштироки жараёнларда ошкоралик муҳити яратилишига хизмат қилади, шунингдек, фуқароларнинг сайловларга ишончини орттириб, фаол иштирок этишини таъминлайди.

 

Бугун Наманган вилояти ҳудудий сайлов комиссиясига Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) кузатувчилари ташриф буюрди.

 

ЕХҲТ миссиясининг кузатувчилари - Германия давлатидан Кати Хётгер ҳамда Буюк Британиядан Мартин Брукс вилоят ҳудудий сайлов комиссияси фаолияти билан яқиндан танишди.

 

 

Ҳудудий сайлов комиссияси раиси Собитхон Турғунов ЕХҲТ миссияси вакиллари билан олиб борган мулоқотлари чоғида жорий йил 27 октябрда мамлакатимизда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари Кенгашлари депутатлари сайловлари аралаш сайлов тизими асосида ўтказилиши ва унинг ўзига хос хусусиятлари, миллий сайлов амалиётига татбиқ этилган янгиликлардан яна бири “E-Saylov” ахборот тизими ва мазкур тизимнинг афзалликлари юзасидан батафсил маълумот бериб ўтди.

 

Хусусан, сайлови кампанияси тобора қизғин паллага кириб бораётгани, бу масъулиятли жараён Сайлов кодексида белгиланган тартибларга биноан изчиллик билан мувофиқлаштириб борилаётганлиги таъкидланди.

 

 

Ўз навбатида, ҲСК раиси халқаро кузатувчиларга сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича амалга оширилаётган ишларда ошкораликни таъминлаш мақсадида тадбирларнинг тартиби, босқичлари ва муддатлари ҳақидаги ахборотлар энг аввало, сайловчиларга ҳамда сиёсий партияларга Марказий сайлов комиссияси ҳамда ҳудудий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтлари ва бошқа оммавий ахборот воситалари орқали тезкорлик билан етказилаётганини маълум қилди.

 

Олиб борилган мулоқотлар конструктив ва самимий тарзда ўтди, ҳудудий сайлов комиссияси раиси бундан кейин ҳам бу каби мулоқотларга доим тайёр ва очиқ эканлигини билдириб ўтди.

 

 

Наманган вилоят ҳудудий сайлов комиссияси

матбуот маркази

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур