Наманган вилояти ҳудудий сайлов комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишни ҳудудий сайлов комиссияси раиси Собитхон Турғунов олиб борди. Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши сайлови бўйича сайлов участкаларини тузиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.
Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 10- ва 20-моддалари ҳамда Марказий сайлов комиссиясининг шу йил 5 июндаги 1338-сон қарори билан тасдиқланган Сайлов округлари ва участкаларини тузиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ, Наманган вилояти ҳудудий сайлов комиссияси «Е-saylov» тизими воситасида сайлов участкаларининг жойлашуви юзасидан 13 та туман ва 1 та шаҳар ҳокимликларининг тақдимномаларини кўриб чиқди ва ўрганишлардан кейин қарор қабул қилди.
Қарорга кўра, вилоят ҳудуди бўйича 837 та сайлов участкалари тузилди.
Сайлов участкаларининг 7 таси махсус сайлов участкалари ҳисобланса, 59 та сайлов участкалари қўшни давлатлар билан чегарадош туманлар ҳудудида ташкил этилди.
Шунингдек, вилоятдаги сайлов участкаларининг 659 таси мактаб, 64 таси коллеж, лицей ва техникумлар, 25 таси маҳалла фуқаролар йиғинлари, 43 таси маданият ва спорт марказлари ҳамда тиббиёт, олий ўқув юрти ва бошқа муассасалар биноларида ташкил этилади.