Бугун - 26 август кунидан бошлаб, Наманган давлат университети биносида Халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайлов ўтказувчи 55 та округ сайлов комиссияларининг раис, раис ўринбосарлари ва котиблари иштирокидаги ўқув машғулотлари бошланди.
Ўқув машғулотларининг очилиш маросимида вилоят ҳокими ўринбосари Ғуломжон Муродхўжаев қатнашди ва сўзга чиқди. У жорий йилги сайлов тизимининг ўзига хос хусусиятлари, округ сайлов комиссиялари раиси, раис ўринбосарлари ва котибларининг вазифалари ва масъулияти хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
165 нафар тингловчи иштирок этаётган ўқув машғулотларида белгиланган мавзулар доирасидаги маърузалар баробарида амалий машғулотлар ҳам ташкилланади. Бу тингловчиларнинг ўтилган мавзуларни мукаммал ўзлаштиришларига хизмат қилади.
Таъкидлаш жоизки, округ сайлов комиссияларининг раис, раис ўринбосарлари ва котиблари малакасини ошириш бўйича ўқув курсларини юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш мақсадида юқори малакали экспертлар томонидан ўқув режаларига мувофиқ маъруза матни, топшириқ саволлари, тест, тақдимот, инфографика, видео-дарслар кўринишидаги ўқув-услубий материаллар тайёрланган. Ўқув-амалий машғулотларнинг барча босқичлари ушбу ўқув-услубий материаллардан фойдаланган ҳолда интерактив усулларда олиб борилади.
Икки кун давом этадиган ўқувлар якунида тингловчиларнинг тренингдан олган билим ва кўникмалари тест орқали синовдан ўтказилади.
Тадбирда вилоят ҳудудий сайлов комиссияси раиси Собитхон Турғунов ҳам иштирок этди.