23.09.2024

43423

msk_yangiliklari_in

“Сайловлар демократия кўзгуси” деймиз! Сайловлар орқали ҳар бир фуқаро жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита иштирок этади ҳамда мамлакат тақдирига нисбатан бефарқ эмаслигини намоён этади. Сайловлар халқнинг давлат ҳокимияти билан қайта алоқасини кўрсатиб туради.

 

Шу боис, фуқароларнинг мамлакат бошқарувида янада кенг иштирокини таъминлаш мақсадида сайлов қонунчилигини изчил такомиллаштириб боришга алоҳида эътибор қаратилди. Халқимизнинг иродаси билан қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституциямизда ҳам сайлов тизимини такомиллаштиришга қаратилган қатор нормалар ўз аксини топди.

 

Айниқса, сайловларни профессионал, очиқ ва демократик тарзда ташкил этиш ва ўтказиш учун Марказий сайлов комиссиясининг конституциявий мақоми янада мустаҳкамланди. Хусусан, сайлов органларининг вертикал тизимини ташкил этиш мақсадида Марказий сайлов комиссияси зиммасига нафақат Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ёки парламентга сайловни, балки халқ депутатлари Кенгашларига сайловларни ҳам ташкил этиш ва ўтказиш вазифаси юклатилди.

 

Шу мақсадда, сайлов органларининг тизимида ҳудудий ва туман (шаҳар) сайлов комиссиялари ташкил этилди.

 

Қолаверса, давлат бошқарувида меритократия тамойилларини татбиқ этиш мақсадида айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Марказий сайлов комиссиясининг раиси этиб сайланиши мумкин эмаслиги белгиланди. 

 

Қайд этиш керакки, бундай янги конституциявий нормалар соҳани тартибга солувчи махсус қонунларда ҳам ўз аксини топди. Чунки, Конституциямизнинг 16-моддасига мувофиқ бирорта қонун Конституция нормаларига зид бўлиши мумкин эмас.

 

Бундан ташқари, мамлакат ҳаётида сиёсий партияларнинг ролини ҳамда фуқароларимизнинг сиёсий фаоллигини ошириш, шу жумладан уларнинг давлат ҳокимиятини шакллантириш жараёнида муайян ғоя ва мақсадларни кўзлаб иштирок этишларини таъминлаш мақсадида аралаш сайлов тизимига ўтилди. Бунда, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига депутатлик ўрнининг 50 фоизи мажоритар, яъни аввалгидек муайян округлар бўйича энг кўп овоз олган номзодлар сайланиши, қолган 50 фоизи эса пропорционал, яъни аниқ бир шахсга эмас, балки партияга овоз бериш орқали, партиялар томонидан кўрсатилган рўйхат асосида номзодлар сайланиши назарда тутилди.

 

Сайлов округлари етмиш бешта ҳудудий бир мандатли ҳамда ягона сайлов округига бўлинди. Бунда партия рўйхати асосида Қонунчилик палатасига сайловни ўтказиш учун Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудуди ягона сайлов округи ҳисобланади. Яъни Қонунчилик палатасининг 75 нафар депутати аввалгидек мажоритар тизим асосида бир мандатли сайлов округларидан, қолган 75 нафари эса партия рўйхат бўйича янги таклиф этилаётган пропорционал тизим асосида ягона сайлов округидан сайланиши белгиланди.

 

Эътиборли жиҳати, партия рўйхатига ҳам гендер тенглигини таъминлаш мақсадида худди мажоритар тизим бўйича номзодларнинг камида 40 фоизи аёллар бўлиши белгиланди.

 

Бундай сайлов тизимида партиялар муҳим ўрин тутади. Улар аҳоли билан муносабатларини таъсирчан ва натижадор бўлишига ҳаракат қилади. Партия ўз дастури орқали халқни ишонтира олсагина муайян овозга эришади. Бу эса жамиятимизда сиёсий плюрализм бўлишини таъминлайди.

 

 

Наманган вилояти ҳудудий сайлов комиссияси

раис ўринбосари У.Урманова

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур