НАМАНГАН ВИЛОЯТИДА УЧАСТКА САЙЛОВ КОМИССИЯЛАРИНИНГ ТЎЛИҚ ТАРКИБИ ТАСДИҚЛАНДИ

16.09.2024

12639

msk_yangiliklari_in

Наманган вилояти ҳудудий сайлов комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳудудий сайлов комиссияси аъзолари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

 

Йиғилишни вилоят ҳудудий сайлов комиссияси раиси Собитхон Турғунов олиб борди.

 

 

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 20- ва 23-моддалари ҳамда Марказий сайлов комиссиясининг шу йил 5 июндаги 1337-сон қарори билан тасдиқланган “Участка сайлов комиссияси тўғрисида”ги Низомга мувофиқ, Наманган вилояти ҳудудий сайлов комиссиясининг қарори қабул қилинди.

 

Қарорга асосан, вилоят ҳудуди бўйича участка сайлов комиссияларининг тўлиқ таркиби тасдиқланди.

 

 

Маълумки, бир муддат аввал Халқ депутатлари 13 та туман ва 1 та шаҳар Кенгашларининг участка сайлов комиссиялари таркибига аъзоларни тавсия этиш тўғрисидаги қарорлари қабул қилинган эди. Аҳамиятлиси, комиссиялар таркибидан аввалги сайловларда иштирок этган, сайлов қонунчилиги бўйича тажриба ва тушунчага эга турли соҳа вакиллари ўрин олган.

 

 

Шунингдек, йиғилишда вилоятда участка сайлов комиссиялари аъзолари учун ўқувларнинг юқори савияда ташкил этилаётгани, участка сайлов комиссиялари иши самарадорлигини таъминлаш юзасидан атрофлича фикр-мулоҳазалар билдирилди. 

 

Маълумот учун: Наманган вилояти бўйича 837 та сайлов участкаси ташкил этилган.

 

Наманган вилоят ҳудудий сайлов комиссияси матбуот маркази

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур